USAID делегацияси Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида

14.08.2023 1473

ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Мирзохиджон Қодиров, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) делегацияси вакиллари - USAID'нинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Эдвард Михальски, Соғлиқни сақлашни ривожлантириш бошқармаси директори Черри Гумапас ва бошқарма маслаҳатчиси Чарльз Лерман билан учрашди.

Учрашувда Марказ лабораториялари фаолиятини янада такомиллаштириш, замонавий стандартлар асосида сифат назоратини амалга ошириш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШ Фармакопея конвенцияси ҳамда USAID билан келгусида амалга оширлиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, АҚШлик мутахассислар Марказ лабораторияларининг сифат менежменти ва техник имкониятлари ҳамда ЖССТнинг қайта малакалаш дастури доирасида баҳолаш-аудитига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар билан танишди.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ талабларига мувофиқ, Марказ лабораториялари фаолиятини "GPPQCL" бўйича баҳолашга тайёрлаш учун "USAID PQM +" дастури катта техник маслаҳатчиси Анжела Оливер жалб этилган бўлиб, мазкур ҳамкорлик Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегациямизнинг АҚШга сафари доирасида эришилган келишувга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази лабораториялари қайта малакалаш аудитидан муваффақиятли ўтганидан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро электрон базасига киритилиб, дори воситаларининг сифат назорати таҳлиллари ва хулосалари жаҳон миқёсида тан олинишига эришилади.