Яроқлилик (сақлаш) муддати ўтган дори воситасини сотганлик учун қандай жавобгарлик бор?

17.02.2023 1888

Шоира Назарова, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази бўлим бошлиғи:

— Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январдаги "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги қонуни 3-моддасида:

“Cифатсиз дори воситаси ва тиббий буюм — яроқсиз ҳолга келган ва (ёки) яроқлилик муддати ўтган дори воситаси  ва тиббий буюм” деб таъриф берилган.

Сифатсиз дори воситаларини сотганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Жумладан:

Ўзбекистон Республикаси "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги кодекснинг 165¹-моддасига мувофиқ, сифатсиз дори воситаларини реализация қилиш — мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар бундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик учун асос бўлади.

Шу ўринда, республикамиз ҳудудида дори воситаларини реализацияси билан шуғулланувчи барча ташкилотлардан ўз фаолиятларини амалга оширишда дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш тартибига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламан.

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника
экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази
ахборот хизмати