Харид қилинган дори воситасининг сифатига шубҳа уйғонганда бу масалада қаерга мурожаат қилиш керак?

27.01.2023 1780

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 185-сон қарори билан тасдиқлаган низомга мувофиқ, дорихона ходимлари томонидан дори воситасини сотиб олувчиларга зарур маълумотлар берилиши керак. Жумладан, сотиб олувчининг талабига биноан дорихона ходими дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархлари ва уларнинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши лозим. 

Лекин шунга қарамасдан сизда мазкур дори воситасининг сифатига нисбатан бирор шубҳа пайдо бўлса унда Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Бунда ўрам ёки қадоқдаги дори воситаси билан бирга унинг харид (товар ва касса) чекини тақдим этишингиз керак бўлади.

(Манзил: Тошкент ш., Озод кўчаси, К. Умаров тор кўчаси, 16-уй, телефон (71) 203-01-01 ички рақам 23-40)

Таъкидлаш жоиз, сизнинг мурожаатингиз бўйича ўрганишлар олиб борилиб, дори воситасининг сифатсизлигини тасдиқловчи фактлар мавжуд бўлган тақдирда таъсир чоралари қўллаш учун тегишли органларга маълумот берилади.

Шоира Назарова,
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази бўлим бошлиғи

Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунга кўра cифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш,  чакана реализация қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.

Давлат маркази Ахборот хизмати