Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги огоҳлантиради

02.11.2022 1853

Россия Федерацияси “Фармстандарт - Томскхимфарм” ОАЖнинг Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига мурожаатида компания томонидан ишлаб чиқарилган “Левомицетин таблетки 0.5 г №10”, серия 120319, яроқлилик муддати “04.24” бўлган дори воситаси қалбакилаштирилганлиги тўғрисида маълум қилган.

Компания маълумотига кўра, “Левомицетин таблетки 0.5 г №10” дори воситаси “Фармстандарт-Томскхимфарм” ОАЖ томонидан Ўзбекистон учун 2014 йил апрель ойидан буён ишлаб чиқарилиши тўхтатилган. Охирги ишлаб чиқарилган 10414 серияли дори воситасининг яроқлилик муддати 2019 йил май ойида тугаган.

Шунингдек, “Левомицетин таблетки 0.5 г №10” дори воситасининг Ўзбекистон Республикасида тиббиёт амалиётида қўллаш учун давлат рўйхатидан ўтказилганлик муддати 2016 йил июнь ойида якунига етган. (РУ № Б-250-95 № 38106 20.06.2011 йилдан 20.06.2016 йилгача)

Юртимизда дори воситаларининг улгуржи ва чакана реализацияси билан шуғулланувчи ҳурматли тадбиркорлар!

Эслатиб ўтамиз, "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 23-моддасига мувофиқ, cифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини реализация қилиш мақсадида сақлаш, ташиш тақиқланади

Шунингдек, “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низом”га мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш, лицензиянинг амал қилишини тугатишга олиб келадиган лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади.

Давлат маркази Ахборот хизмати