Жорий йилнинг 10 октябрь куни “Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаш Давлат маркази” ДУКда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 149-сонли Қарори билан босқичма-босқич жорий этилаётган, дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими ва унинг аҳамиятини тушунтириш мақсадида учрашув ташкил қилинди.
Давлат марказининг Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рақамли маркировкалаш бўлими, Тиббий маҳсулотларни сертификатлаштириш органи ва Фармакопея қўмитаси ҳамда “CRPT TURON” МЧЖнинг масъул ходимлари иштироки бўлиб ўтган мазкур учрашувда маркировкалаш бўйича бир қатор масалалар юзасидан тушунтириш бериб ўтилди. Хусусан:
- мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддатлари;
- дори воситалари ва тиббий буюмларни рақамли маркировкалаш тартиб-таомиллари;
- дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тартиби жорий қилинган кундан бошлаб, уларни рақамли маркировкаланмаган ҳолда сертификациядан ўтказишга йўл қўйилмаслиги (юқоридаги қарорнинг 3-банди учинчи ва тўртинчи хатбошида келтирилган ҳолатлар бундан мустасно);
- дори воситалари ва тиббий буюмларнинг норматив ҳужжатларига ўзгартириш киритиш;
- рақамли идентификациялаш воситаси қандай маълумотларни ўз ичига олиши ва уни қўллаш тартиби;
- дори воситасининг истеъмол қадоғига стикерни қўллаш учун қуйилган талаблар;
- дори воситалари ва тиббий буюмларнинг кузатилишини таъминлаш учун зарур бўлган маркировка кодларини тақдим этиш;
- «Asl belgisi» мобил иловасининг ишлаш тартиби ва бошқа мавзулар бўйича тўлиқ тушунтириш-тарғибот ишлари амалга оширилди.
Давлат маркази Ахборот хизмати