Хорижлик мутахасисслар Ўзбекистон Фармакопеясини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолашди

26.09.2022 3802

Франциянинг Страсбург шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа фармакопеяси 11-нашрига бағишланган халқаро конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тиббий маҳсулотлар соҳасидаги сиёсат ва стандартлар департаменти ва Халқаро фармакопея раҳбари Gwaza Luther ҳамда Америка Қўшма Штатлари Фармакопея конвенциясининг фармацевтик ҳамкорлик бўйича бош менеджери жаноб Dr. Moore Kevin билан учрашишди.

Суҳбат чоғида Давлат фармакопеяси таҳририят Бош муҳарирри Хабибулла Джалилов хорижлик ҳамкасбларига Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди. Жаноб Gwaza Luther ва Dr. Moore ушбу ташаббусни эътироф этиб, қилинаётган ишларни юқори баҳолади.

Шунингдек, самимий кечган мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини ишлаб чиқиш жараёнида замонавий илмий тадқиқот ишларини жорий этиш, шу жумладан фармацевтик фаол ингридиентлар, ёрдамчи моддалар ва ёт аралашмаларнинг стандарт намуналарини белгилаш, уларни Давлат фармакопеясига киритиш ва ишлаб чиқарувчи компаниялар ва назорат таҳлил лабораторияларни фармацевтик стандарт намуналари билан таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш йўналишлари муҳокама қилинди.

Давлат маркази Ахборот хизмати