Фармакопея ‒ бу алоҳида мамлакатда ёки маълум бир худудда ишлатиладиган дори воситалари сифатини таъминлаш учун қонунан риоя этилиши шарт бўлган стандартлар тўпламидир.
Замонавий фармакопеяларинг асосий вазифаси дори воситалари сифатига умумий талабларни, шунингдек фаол фармацевтика субстанциялари, тайёр дори воситалари, ёрдамчи моддалар, реактивлар, реагентлар ва шу кабиларга қўйиладиган алоҳида сифат стандартларини белгилашдан иборатдир.
Тайёр дори воситалари ва уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган фаол ва ёрдамчи моддалар ва бошқа хом ашё маҳсулотларига нисбатан замонавий юқори талабларни белгиланиши охир оқибатда энг муҳим масала бўлмиш дори воситаларнинг юқори даражадаги сифати, самарадорлиги ва безарарлигини таъминлашга қаратилгандир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги “2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5707-сон Фармони билан Давлат фармакопеясини қисқа муддатларда жаҳонда эътироф этилган халқаро, ҳудудий ва ривожланган мамлакатларни фармакопеялари билан уйғунлашган ҳолда ишлаб чиқиш вазифасини белгиланиши, мамлакатимизда фармацевтика тармоғини турли йўналишларининг янада ривожлантиришга кўрсатилаётган юқори эътибор ва шу билан бирга алоҳида талаб ва масъулиятнинг ифодасидир.
Давлат фармакопеяси лойиҳасини халқаро эътироф этилган фармакопеялар билан уйғунлашган ҳолда тайёрлаш учун асосий манба сифатида Европа фармакопеясидан ва ёрдамчи манбалар сифатида, уларнинг устуворлигига қараб, Халқаро ва ЕОИИ фармакопеялари, АҚШ, Британия, Япония фармакопеялари, шунингдек Беларусь Республикаси, Россия Федерацияси, Украина Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва бошқаларидан фойдаланилди.
Бугунги кунда амалда бўлган ЖССТнинг “Жаҳон фармакопеялари ва фармакопея органлари индекси”га кирган мамлакатлар рўйхатида 57 та мамлакат, жумладан 3 та ҳудудий фармакопея органлари (ЕИ, ЕОИИ ва Африка мамлакатлари) ва 1 та ЖССТ (халқаро фармакопея) акс эттирилган бўлиб, 2021 йил декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳам ушбу индексга киритилгандир.
Таъкидлаш жоиз, 2023 йил 07 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясини тасдиқлаш тўғрисида”ги 26-сон буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг биринчи нашри учинчи жилди тасдиқланди.
Давлат фармакопеясининг 1-нашри 3-жилдига қуйидаги: доривор ўсимлик хом ашёси ва доривор ўсимлик хом ашёсидан тайёрланган дори воситалар; гомеопатик препаратлар; тиббиётда қўллаш учун вакциналар; тиббиётда қўллаш учун иммун зардоблар; тиббиётда қўллаш учун биотерапевтик маҳсулотлар; радиофармацевтик препаратлар хамда тиббиётда қўллаш учун чокли материаллар гуруҳларига мансуб бўлган дори воситаларининг жами 541 та хусусий фармакопея мақолалари киритилгандир. Шу билан бирга умумий фармакопея мақолалари бўлимида юқоридаги гуруҳларга оид дори воситаларининг жами 17 та умумий фармакопея мақолалари жой олган.
Ҳозирда Таҳририят кенгаши ва унинг котибияти томонидан Давлат фармакопеясининг 1-нашри 3-жилдини типографик усулда нашр этиш бўйича илмий-амалий, редакцион ва техник таҳрир ишлари якунланмоқда.
Изоҳ: Юзага келадиган ҳар қандай саволлар ва таклифлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат фармакопеясининг Таҳририят кенгаши котибиятига мурожаат этишингиз мумкин.
Котибият билан боғланиш учун алоқа воситалари:
Манзил: 100084, Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ч.Айтматов к., 1А уй.
Телефон: +998 71 203-81-81;
E-mail: pharmacopoeia@uzpharmagency.uz;
Телеграм: @TahririyatKengashi.
Ҳурмат билан,
Ўзбекистон Республикаси Давлат Фармакопеяси бош муҳаррири,
фармацевтика фанлари доктори, профессор Х.К.Джалилов
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси
а стандартлаштириш Давлат маркази ахборот хизмати