Ноқонуний муомалада бўлган 1 319 230 ўрам фармацевтика маҳсулотларининг айланмасига чек қўйилди

06.01.2023 1869

«Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази»га 2022 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мурожаатлари асосида тақдим қилинган ноқонуний муомалада бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар бўйича жами 1343 та мурожаат келиб тушди.

Ушбу мурожаатлар асосида олиб борилган экспертиза ҳулосасига кўра, 7731 турдаги 1 319 230 ўрам сифатсиз, контрафакт, яроқлилик муддати тугаган фармацевтика маҳсулотлари тиббиёт амалиётида қўллаш мумкин эмаслиги аниқланди ҳамда лаборатория таҳлиллари бўйича барча маълумотлар тегишли органларга тақдим қилинди. 

Эслатиб ўтамиз, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ cифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади!

Ҳурматли юртдошлар! Aгарда Сиз сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори  воситалари айланмаси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларга дуч келсангиз, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментиниг (71) 233-1007 ишонч телефонига мурожаат қилинг!

Давлат маркази Ахборот хизмати