Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқланди

17.10.2022 2446

Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарори билан давлат фуқаролик хизматчилари намунавий қоидалари ҳамда одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. 

Низом билан касбий фаолиятга оид, хизмат фаолиятига оид ҳамда хизматдан  ташқари одоб-ахлоқ қоидалари тартибга солинади.

Намунавий қоидаларга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда хулқ-атворнинг қуйидаги умумий қоидаларига амал қилиши лозим: 

- давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш;
- масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш; 
- мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш ва бошқалар.  

Хизмат машинасидан шахсий мақсадларда фойдаланмаслиги, ўзининг  шахсий машинасидан фойдаланганда эса тартиб-таомилларга амал қилиб ҳайдаши, йўл қоидаларига қатъий риоя қилиши зарур.

Давлат хизматчилари этикасини бузган ходимлар интизомий жазога тортилиши ҳамда огоҳлантирилиши, расмий узрнома келтириши, танбеҳ берилиши мумкин.

Давлат органлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа ташкилотлар жорий йил 25 октябрь санасига қадар ўз фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлайди.

Давлат маркази Ахборот хизмати