«Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди

10.10.2022 2848

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 1 июндаги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақидаги ЎРҚ-774-сон Қонуни 1-моддасига мувофиқ, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди:

«Бирламчи маҳсулотни ишлаб чиқаришдан (қайта ишлашдан) қўшимча маҳсулот сифатида олинадиган, IV рўйхат доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим прекурсорларни ушбу Қонунда назарда тутилган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш юридик шахслар томонидан уларда муайян прекурсорларни ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш учун лицензиялар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади»;

Тўртинчи қисм бешинчи қисм деб ҳисобланиши белгиланди.

Шунингдек, юқоридаги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

- муомалада бўлиши чекланган прекурсорларни сотиб олувчиларнинг ва улардан якуний фойдаланувчиларнинг реестрини юритиш тизими жорий этилишини таъминлаши;
- прекурсорларнинг ишлаб чиқарилиши, тайёрланиши ва реализация қилиниши устидан назорат механизмларини кучайтириш чораларини кўриши;
- ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириши;
- давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаши белгиланди.

Давлат маркази Ахборот хизмати