Самарқанд шаҳрида қалбаки дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди

01.08.2023 1286

Самарқанд шаҳрида қалбаки дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро А.Х. ўзи яшаб келаётган кўп қаватли уйнинг 1-йўлагидаги қўшимча хонада яширин цех ташкил қилганлиги аниқланган.

“Бекот Амино” ва “Монасил НЕО” номли дори воситаларининг мувофиқлик сертификатини қалбакилаштириб, гўёки ушбу дори воситалари “R.M.” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилганлиги тўғрисида полиграфия ёзувларини ёпиштириб, ноқонуний ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, ушбу хонадондан жами 5 мингдан зиёд қалбаки дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.    

 Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186³-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.