Дори воситаларининг референт нархи ҳақида эшитганмисиз?

08.02.2023 4788

— Ривожланган мамлакатларда муваффақиятли қўлланилаётган дори воситалари нархни шакллантиришнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш, уларнинг нархлари чегарадош мамлакатларга нисбатан юртимизда асоссиз ўсишини олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4554-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб маҳаллий ва хорижий дори воситаларига нисбатан референт нарх шакллантириш тизими босқичма-босқич жорий этилди.

Референт нарх шакллантириш тизими қандай тизим?

— Референт нарх шакллантириш тизими — дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда айни бир ишлаб чиқарувчининг ҳудди шундай фаол моддага эга дори воситаларини ишлаб чиқарувчи мамлакатда, референт мамлакатларда ва Ўзбекистон Республикасида сотиш нархларини таҳлил қилиш натижаси асосида ҳар бир савдо номи учун чекланган нархларни қайд этиш тизими тушунилади.

Дори воситасининг чекланган нархлари деганда нима тушунилади?

— Дори воситаларининг чекланган нархлари — дори шакли, қадоқдаги сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқланишини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларининг ҳар бир савдо номи учун референт нарх шакллантириш тизими доирасида қайд этиладиган ва қайд этилган қийматдан юқори нархларда Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш (импорт дори воситалари учун) ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилиши (маҳаллий дори воситалари учун) мумкин бўлмаган нарх тушунилади.

Қандай мамлакатлар референт мамлакатлар ҳисобланади?

— Жаҳон банкининг аҳоли жон бошига нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг ҳисобланган даромадлар даражасидан юқори, ўртачадан юқорироқ ва ўртачадан пастроқ бўлган давлатлар гуруҳига кирувчи Ўзбекистон Республикаси билан макроиқтисодий жиҳатдан таққосланадиган мамлакатлар - референт мамлакатлар ҳисобланади.

Бизда қайси референт мамлакатлар танланган?

— Cоғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 24 мартдаги 115-сонли (рўйхат рақами 3242, 11.09.2020) (https://lex.uz/docs/4854519) буйруғи билан тасдиқланган низомга асосан қўйидаги мамлакатлар референт мамлакатлар сифатида танлаб олинган:

▪️ Венгрия
▪️ Россия Федерацияси
▪️ Украина
▪️ Польша Республикаси
▪️ Тожикистон Республикаси
▪️ Словения Республикаси
▪️ Қозоғистон Республикаси
▪️ Болгария Республикаси
▪️ Беларусь Республикаси
▪️ Қирғизистон Республикаси

Равшан Ҳамидов,
Референт нарх шакллантириш тизими доирасида
дори воситаларига чекланган нархларни қайд этиш бўлими бошлиғи


Эслатма: Референт нарх шакллантириш тизими доирасида қайд этилган дори воситаларининг нархлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси
а стандартлаштириш Давлат маркази Ахборот хизмати