Қалбаки дори воситаларини қандай фарқлаш мумкин?

01.02.2023 2383

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январдаги "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги қонуни 3-моддасида:

“Қалбакилаштирилган дори воситаси ва тиббий буюм —  таркиби ёки хусусияти тўғрисида ёхуд ишлаб чиқарувчиси ҳақида ёлғон ахборот илова қилинган дори воситаси ва тиббий буюм” деб таъриф берилган.

Қалбакилаштириш ҳам товар номига (савдо номи), ҳам женерик дори воситаларига тегишли бўлиши мумкин. Бунда, таркибида тегишли ёки тегишли бўлмаган ингредиентлар киритилган, фаол моддалар бўлмаган ёки етарли бўлмаган ҳамда соҳта қадоқланган маҳсулотларни кузатишимиз мумкин. Уларни эса лаборатория таҳлил натижалари бўйича сифатли ёки сифатсизлиги аниқланади ва тегишли ҳулоса берилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, дори воситасини харид қилаётганда қуйидагиларга эътибор беришимиз керак:

Нарх – қалбаки дори воситалари дорихоналарда оригинал дори нархига нисбатан арзон бўлади. 
Маҳсулот қадоғи – ундаги ҳарфлар ва рақамлар ноаниқ, тасвирлар хира ва картон қутининг ўзи юпқа ва шаклини яхши ушламайди. 
Серия, рақам, штрих-код, ишлаб чиқариш санаси тушуниб бўлмайдиган даражада ноаниқ бўлади.
Қўллаш йўриқнома варағи босмахонада босилмаган, худди нусхаланганга ўхшайди. Қадоқдаги ва дорининг ўз қолипидаги ишлаб чиқарилган сана ва сақлаш муддатлари бир бирига мос келмаслиги мумкин.

Харид қилаётган дори воситасида юқорида санаб ўтилган белгилар сизни шубҳалантирса, дорихона томонидан мазкур дори воситасига тегишли мувофиқлик сертификатини сўранг. Агарда бундай сертификат мавжуд бўлмаса ушбу ҳолат юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шоира Назарова,
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази бўлим бошлиғи


Давлат маркази Ахборот хизмати