Рецептсиз бериш мумкин бўлмаган дориларни рецептсиз сотганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

31.01.2023 1255

Муҳаббат Ибрагимова, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори маслаҳатчиси:

Таркибида кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддалар, гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлмаган ва таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 165¹-моддасига кўра:

таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши;

таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186³-моддасига кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон қарори билан тасдиқланган бўлиб, унда 78 турдаги кучли таъсир қилувчи модда жумладан, 4 турдаги “Залеплон”, “Прегабалин”, “Тропикамид”, “Циклопентолат” дори воситалари ўрин эгаллаган.

Юқорида қайд этилган жавобгарликка оид қонунчиликдаги ўзгаришлар 2020 йил 23 октябрдан кучга кирган.

Давлат маркази Ахборот хизмати