Дори воситалари Ўзбекистонда қандай сертификатлаштирилади?

31.01.2023 3186

Ижтимоий тармоқларда Канадада истиқомат қилаётган ўзбекистонлик шифокор Обидхон Мамадалиевнинг юртимизда дори воситаларини сертификатлаштириш тартибига умуман амал қилинмаслиги, хусусан «Фармкомитет» (Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази) ходимлари бу тартибни билмаслиги ҳақида жиддий айблов билдирган видеоси тарқалди.

Мазкур видеодаги фикрлар юзасидан Давлат маркази ахборот хизмати Сертификатлаштириш марказий органи мутахассислари билан суҳбатлашди.

1. Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш деганда нима тушунилади ва сертификат ўзи қандай ҳужжат?

Фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш — фармацевтика маҳсулотининг норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлашга оид фаолият ҳисобланади.

"Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, мувофиқлик сертификати — сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат саналади.

Дори воситалари - техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулот бўлганлиги боис, қонунчиликда ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган, фармацевтика маҳсулотларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлашга оид фаолиятни амалга оширувчи сертификатлаштириш органлари томонидан сертификатлаштирилади.

2. Шифокор Обидхон Мамадалиевнинг фикрича дори воситасини сертификатлашда ҳар бир лот яъни ҳар бир партия сертификатланиши лозим лекин Ўзбекистонда бундай эмас, сертикатловчи орган бу қоидага риоя қилмаслигини айтмоқда. Бу айбловлар қанчалик ўринли?

Бу фикрлар мутлақо нотўғри. Сабаби амалдаги қонунчиликка мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтган ва импорт қилинган дори воситаларининг ҳар бир церийаси сертификатлаштириш жараёнидан ўтади ҳамда ҳар бир церийа маҳсулотга мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади. Сертификатлаштирилмаган дори воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқилишига ва реализация қилинишига йўл қўйилмайди.

3. Агар маҳсулотнинг номувофиқлиги аниқланса ва сертификатлаштирилиши рад этилса, унинг тақдири нима бўлади?

Ўрнатилган тартибга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган дори воситаларининг ва тиббий буюмларни сертификатлаштириш синовлари натижасида қўллаш учун яроқсизлиги аниқланган бўлса, бундай дори воситалари ва тиббий буюмлар Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқариб юборилади (реэкспорт) ёки йўқ қилингунга қадар божхона режимида жойлаштирилади ва йўқ қилинади.

4. Сертификатлаштирилган дори воситалари ҳақида фуқаролар қаердан маълумот олса бўлади?

Бу масалада барча маълумотлар очиқ. Юртдошларимиз дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар учун берилган мувофиқлик сертификатлари ҳақида Давлат марказининг расмий веб сайти (Ягона ахборот тизими)дан маълумот олишлари мумкин.

Ҳулоса ўрнида, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази жамоатчиликни қизиқтирган саволлар, таклиф ва мулоҳазалар бўйича мулоқотга тайёрлигини билдириб, ҳар бир мурожаатга эътибор қаратилиши, тегишли мутахассислар томонидан жавоб берилиши таъминланишини эслатиб ўтади.

Давлат маркази Ахборот хизмати