Жорий йилнинг 18 октябрь санасида “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” ДУКда “Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида муомалада бўлган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари. ЕОИИ, Европа Иттифоқи ва Америка фармакопеясининг техник регламентларига мувофиқ ускунадан фойдаланиш бўйича амалий тажриба” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон бозорида юқори сифатли аналитик ва лаборатория ускуналарини етказиб берувчи етакчи компаниялардан бири "Фортек" хусусий корхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган ушбу семинарда Клиник тиббиётда аналитик ускуналарни қўллаш бўйича етакчи мутахассис Дмитрий Фармаковский маърузачи сифатида иштирок этиб, "Shimadzu" хроматография ускунасини фармацевтикада фойдаланиш юзасидан маъруза қилди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида муомалада бўладиган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари билан таништириш мақсадида ташкил этилган мазкур семинарда Ўзбекистон фармацевтика саноатидаги лабораторияларда фаолият олиб борувчи техник мутахассислар, Давлат марказининг Синов маркази лабораториялари ҳамда Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази (DVSIM) вакиллари иштирок этишди.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш билан биргаликда, ЕОИИ, Европа Иттифоқи ва Америка фармакопеясининг техник регламентларига мувофиқ ускунадан фойдаланишнинг амалий тажрибаси билан яқиндан танишишди.
Давлат маркази Ахборот хизмати