Давлат марказининг Қашқадарё ва Андижон вилоятидаги шўъба корхонаси ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди

23.09.2022 123

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги “Дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 149-сонли қарорига мувофиқ жорий этилаётган, дори воситaлари ва тиббий буюмларни рақамли маркировкалаш ишлари юзасидан “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази”нинг Қашқадарё ва Андижон вилоятидаги шўъба корхонасида учрашувлар ташкил этилди.

Учрашув давомида Давлат марказининг Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рақамли маркировкалаш бўлими етакчи мутахассиси Искандар Иногамов томонидан мазкур корхоналарда фаолият юритаётган ходимларга дори воситалари ва тиббий буюмларни рақамли маркировкаланмаган ҳолда сертификациядан ўтказишга қачондан бошлаб йўл қўйилмаслиги ҳамда рақамли маркировкалаш тартиби ва қоидалари ҳақида батафсил тушунтириш берилди.

Шунингдек, Давлат марказининг ҳудудий шўъба корхонаси Сертификатлаштириш органи, Микробиология таҳлил лабораторияси ҳамда Фармако-токсикологик таҳлил лабораторияси мутахассилари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими 2022–2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилиниши белгиланган бўлиб, Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб иккиламчи (ташқи) қадоқларда ишлаб чиқарилган дори воситалари мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим.

Давлат маркази Ахборот хизмати