Хавотирга ўрин йўқ: "Cold Out" дори воситаси юртимизда давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

09.08.2023 927

❗️Хавотирга ўрин йўқ: "Cold Out" дори воситаси юртимизда давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

Ижтимоий тармоқларда ЖССТ томонидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Cold Out" йўтал ва шамоллашга қарши заҳарли сироп хавфидан огоҳлантириш хабарлари тарқалмоқда.

 Ушбу йўталга қарши қўлланилувчи дори воситаси ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази қуйидагиларни маълум қилади.

ЖССТ маълумотларига кўра, "Cold Out" сиропи “Fourrts Laboratories” (Ҳиндистон)  томонидан “Dabilife Pharma” учун ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.

Шунингдек, Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур дори воситаси Ироқда ўтказилган алоҳида синовларда муваффақиятсизликка учрагач, эркин савдодан қайтариб олинган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ҳиндистоннинг “Fourrts Laboratories” томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан юртдошларимиз хавотирга тушмасликларини билдиради.

Маълумот учун, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин рухсат этилади.

Таъкидлаш жоиз, 2023 йил февраль ойидан бошлаб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва мамлакатимизга кириб келаётган сироб шаклдаги дори воситалари таркиби диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари бўйича чуқур текширилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилганлигини эслатиб ўтамиз.