Давлат марказида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди

27.12.2022 1988

Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида тинчликни мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, кексаларни эъзозлаш, эртамиз эгаларини баркамол этиб вояга етказишга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидлаш жоиз. Бинобарин, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш, юртимиз тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизнинг, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчидир.

Жорий йилнинг 21 декабр санасида “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази”да ташкил этилган навбатдаги маърифий тадбир ўзида мана шундай маслакни ифода этди. Унда корхона тизимида кўп йиллар мобайнида хизмат қилган, фахрий ходимлар ва соҳадаги ёшлар иштирок этишди.

Учрашувда сўзга чиққан фармацевтика соҳаси фахрийлари бирма-бир ўзларининг ҳаётлари ва корхона тарихи билан боғлиқ маълумотлар билан бирга бугунги кунда юртимизда фахрийларга кўрсатилаётган эътибор, мустақиллик берган имкониятлар, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик хусусида ўзларининг дил сўзларини билдирдилар.

Шунингдек самимий суҳбат давомида, тизим нуфузи кўп жиҳатдан аҳоли соғлиғи билан юзма-юз ишловчи ходимларга боғлиқ эканлиги, ушбу хизмат вакилларининг соҳага оид билим ва савияларини ошириш, муомала маданиятини янада юксалтириш алоҳида таъкидланди.

Давлат маркази Ахборот хизмати